Хабарлар
22.07.22 06:11    PDF Печат E-mail
Нажосат турлари ва уларни поклаш баёни

Нажас ифлос нарса бўлиб, пок нарсанинг зиддидир. Шариатда ифлос ҳисобланган нарса нажас ҳисобланади. Нажас нарсалар икки турга бўлинади:
1. Аслий нажас.
Аслий нажасга сийдик, тезак, маний, мазий ва хамрлар мисол бўлади.
2.    Ҳукмий нажас.
Ҳукмий нажас эса катта ва кичик бетаҳоратликдир. Катта бетаҳоратлик ғусл қилиш билан, кичик бетаҳоратлик таҳорат қилиш билан кетади. Таҳорат ва ғуслнинг хукмлари юқорида баён қилинди.

Бу бобда аслий нажас нарсалардан покланиш тартиби баён қилинади. Аслий нажас нарсалар кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган турларга бўлинади.
Инсон ва ҳайвоннинг тезаклари каби кўзга кўринадиган нажаслардан сув ёки сувдан бошқа суюқликлар (Сувдан бошқа суюқликлар яъни, шарбатлар, дарахт ва мевалардан олинган сувлар, сирка ва бензин каби суюқликлар аслий нажасларни кетказади. Аммо қукмий нажасни кетказмайди.) билан бир марта ювиш билан бўлса-да, нажаснинг айнини кетказиш билан пок бўлади. Кўнгилни кетидан яна бир-икки марта ювиб ташлашни маслаҳат берган фақиҳлар ҳам бор. Сув ва бошқа суюқлик билан тозалагандан кейин нажаснинг ҳиди ва ранги қолса ҳам, зарари йўқ. Аммо совун ёки шунга ўхшаш нарса билан асарини ҳам кетказиб юборилса, яна ҳам яхши бўлади.
Сийдик ва хамр каби кўзга кўринмайдиган нажаслар сиқиш имкони бор нарсаларга тегса, имкони бўлса, уч марта ювиш ва ҳар бир ювишдан сўнг сиқиб ташлаш билан покланади.
Агар бунинг имкони бўлмаса, ювиб, сув томиб бўлгунича ташлаб қўйилади ва бу иш уч марта такрорланади. Масалан, нажас теккан нарса ёғочга ўхшаш сиқиб бўлмайдиган нарса бўлса, шундай қилиш мумкин.
Нажас нарса билан пиширилган гўштни уч марта қай-натиб-совутиш билан покланади.
Сариёғ ва ҳайвон ёғларини сув қуйиб, қайнатиб, ёғни сув устига чиқариб олиш ишини уч марта бажариш билан покланади.
Дон маҳсулотлари, янги сопол ва ёғоч идишларни уч марта ювиб-қуритиш билан покланади.
Маний - эркаклик уруғини тозалаб ташлаш учун, уни ювиб ташлаш ва қуриб-қотиб қолган бўлса, уқалаб-қириб ташлаш керак.
Ойша розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидан манийни ишқалаб кеткизар эдим. У зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Маҳси ва шунга ўхшаш нарсаларни одам ёки товуқ ахлати каби жисми бор нажосатлардан тозалаш учун ерга ишқаш керак, бордию суюқ нажосат теккан бўлса, фақат ювиш билан покланади.
Қилич ва унга ўхшаш нарсалар артиб тозаланади. Қадимда сайқалланган қиличларни ювганда бузилгани учун, уларни артиб тозаланган.
Гилам, палос ва кигизга ўхшаш қалин нарсага нажас тегса бир кеча ёки бир кундуз унинг устидан сув оқизилади. Бу вақт ичида гиламдаги нажосат қолмайди. Гиламнинг бир бурчагига нажас тегса, унинг тоза тарафида намоз ўқиш мумкин.
Ер ва унга туташ ерда ўсиб турган дарахт ва ўтлар каби нарсалар устидаги нажосат қуриб йўқолгач, тоза ҳисобланади. Яъни, бу нарсалар ердан ажралмагани учун, уларни ювиб-сиқишнинг ёки ёйиб қуритишнинг иложи йўқ. Уларни қуёшда, шамолда ёки оловда қуритилади ёки нажосат асари кетказилади. Бу тариқа тозаланган нарсаларда намоз ўқиш мумкин, аммо уларга қўл уриб таяммум қилиб бўлмайди. Чунки таяммум қилинадиган тупроқ ўта тоза бўлиши лозим.
От ва гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги ҳамда гўшти ейилмайдиган лочин, калхат каби қушларнинг ахлати каби нарсалар енгил нажосат дейилади.
Енгил нажосат кийимнинг ёки бадандан бир аъзонинг тўртдан биридан оз миқдорича ёйилса, у билан намоз ўқиса бўлаверади, яъни, бу нажосат одамларга осонлик туғдириш учун кечирилади.
Гўшти ейиладиган қушнинг ахлати пок ҳисобланади. Оққан қон, ароқ, ўлимтикнинг гўшти ва ошланмаган тери, гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг сийдиги ва ахлати, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг ахлати ва сўлаги, товуқ, ғоз ҳамда ўрдакнинг ахлати, инсон вужудидан чиқадиган ва таҳоратни бузадиган нарсалар, маний, мазий, вадий (Вадий - сийгандан кейин баъзида чиқадиган қуюқ оқ суюқлик) каби нарсалар, оғизни тўлдириб чиққан қайт оғир нажосат дейилади. Оғир нажосат қуюқ бўлса, 3 грамми, суюқ бўлса, очиқ қўл кафтининг сув турадиган қисми миқдоричаси афв қилинади. Ушбу миқдоргача бўлган оғир нажосат теккан кийим билан намоз ўқиса жоиз. Ундан ортганда ўқиб бўлмайди. Яъни, нажосат борлигини билмай намоз ўқилганида ёки намознинг вақти чиқиб кетаётгани сабабли уни ювишга вақт бўлмаганида ушбу миқдоргача бўлган оғир нажосат билан намоз ўқиса, шу намоз дуруст бўлади. Бунда билиб туриб ўқилса ҳам, кечирилади. Аммо ундан бошқа ҳолатларда нажосат оз бўлса-да, ювилади.
Игна учи қадар майда бўлган сийдик томчиси кийимга сачраса зарари йўқ, чунки бундан сақланиш мушкул. Аммо шу зарра сийдик оқмайдиган сувга тушса, у сув нажас ҳисобланади. Кўчада сачраган лой ҳам, агар нажосатлиги аниқ бўлмаса, зарар қилмайди. Нажаснинг устига тушган сув нажасдир. Аксинча бўлса ҳам, шундай.
Нажас нарса чириши ёки ёниб кул бўлиши сингари ўзгаришларга учраб, ўзининг нажаслик моҳиятини ўзгартирса, тоза ҳисобланади. Бунга тезакнинг кулга айланиши, эшакнинг туз конига тушиб тузга айланиб кетишини мисол қилиш мумкин.
Астарли кийимнинг бир томони нажас бўлса, бошқа томонида намоз ўқиш мумкин. Чунки бу ҳолатда бир тарафга теккан нажосат иккинчи тарафга таъсир қилмайди.
Бир тарафига нажас теккан гиламнинг бошқа тарафида намоз ўқиш мумкин. Шунингдек, нажосатнинг бир оз нами теккан, бироқ сиқилганида бир томчи ҳам сув томмайдиган кийимда ёки нажас аралашган лойдан қилинган, қуруқ жойга ёйилган нам кийимда, гарчи кийим ўша жойни нам қилган бўлса ҳам ёки нажосаттеккан жойи эсдан чиқиб, бирор жойи тахмин қилиб ювилган кийимда ҳам намоз ўқиш жоиз.
Буғдой ва бошқа экинларни ўриб, бир жойга янчиш учун тўплагач, устидан юрган эшак ёки шунга ўхшаш ҳайвонлар пешоб қилиб юборса-ю, ўша жойни аниқлаб бўлмаса, бирор жойини тахмин қилиб ювилади ёки унинг бирор қисми ҳиба ёки садақа қилиш йўли билан кетказилади ва бу билан буғдой тоза бўлган ҳисобланади.
Эркакларнинг таҳорат ушатганларидан сўнг юриб, йўталиб ўзларини нажас йўлида қолган сийдик томчиларидан қалбан ишонч ҳосил қилгунича тозалашлари истибро дейилади. Аёллар истибро учун кўнгил тўлгунича кесак ёки шунга ўхшаш нарсаларни ушлаб турадилар. Сийдик томчиларидан тозаланмай таҳорат қилган кишининг таҳорати дуруст бўлмайди.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан
Комилов Музаффар, Мираваз ўғли Акмал

 

Your are currently browsing this site with Internet Explorer 6 (IE6).

Your current web browser must be updated to version 7 of Internet Explorer (IE7) to take advantage of all of template's capabilities.

Why should I upgrade to Internet Explorer 7? Microsoft has redesigned Internet Explorer from the ground up, with better security, new capabilities, and a whole new interface. Many changes resulted from the feedback of millions of users who tested prerelease versions of the new browser. The most compelling reason to upgrade is the improved security. The Internet of today is not the Internet of five years ago. There are dangers that simply didn't exist back in 2001, when Internet Explorer 6 was released to the world. Internet Explorer 7 makes surfing the web fundamentally safer by offering greater protection against viruses, spyware, and other online risks.

Get free downloads for Internet Explorer 7, including recommended updates as they become available. To download Internet Explorer 7 in the language of your choice, please visit the Internet Explorer 7 worldwide page.