17.09.21 19:41    Печат
Ўзбекистон Бутунжаҳон ҳалол конференциясида иштирок этди

Ўзбекистон элчихонаси делегацияси Малайзияда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳалол конференциясида («World Halal Conference – WHC-2021») иштирок этди. Дипломатик миссия маълумотларига кўра, тадбир 2008 йилдан бери Малайзия халқаро савдо ва саноат вазирлиги қошидаги ҳалолни ривожлантириш Корпорацияси (Halal Development Corporation – HDC) томонидан ўтказиб келинади.

Конференция глобал миқёсда ҳалол саноатни ривожлантириш учун платформа ҳисобланади. Ҳар йили унинг ишида бутун дунёдан икки мингга яқин делегат, жумладан, Малазия исломий ривожланиш департаменти (JAKIM) томонидан аккредитация қилинган ҳалол сертификат берувчи органлар вакиллари, ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчилар (озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтика, косметика ва б.) қатнашади.
Конференция Малайзия Бош вазири Исмоил Сабрий раислиги остида ўтказилиб, у ҳалол экотизимни такомиллаштириш ва ушбу саноатни рақамлаштиришга қаратилган «Halal Integrated Platform» дастурини расман очиб берди.
Тадбирда шунингдек, Малайзия халқаро савдо ва саноат вазири Муҳаммад Азмин ҳам иштирок этиб, у бутун дунё бўйлаб ҳолаол саноатни ривожлантиришнинг муҳим ролини таъкидлади. Унинг айтишича, худди бутун дунёда бўлгани каби, пандемия оқибатлари Малайзия иқтисодий ривожланишининг барча соҳаларига таъсир кўрсатди. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ҳалол маҳсулотлар бозори 2,5 триллион АҚШ доллари атрофида бўлиб, экспертлар баҳоларига кўра, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 5 триллион долларгача ўсади ва ушбу саноатни халқаро даражада ривожлантириш мақсадга мувофиқлигини тасдиқлайди.